>Fasllar

>

Очилган кўздан сўранг
У кўражакдир
Аввал кўринмаган гулларни
Хазонларни
Сочилиб учган
Ҳар куни мана шу йўлдан битта манзилга эринмай қатнаб
Эринмай ҳар куни манзилига қайтаётган
Тобора қариб қолаётган
Коинотни
Кўражакдир бу очиқ кўз

Эгилган бу елка эса
Мўмин мусулмондир
Яхши насронийдир
Олийжаноб буддавий
Меҳрибон ҳинду

Оғриётган оёқдан кетаётган мадор эса
бошнинг капалакдан ҳам оғирлиги ҳақида катта афсона
бедил айтмиш бемантиқ
бедил айтмиш дунёни тутган

кўздан кўзга қадар узилмасдан тизилгани эса
томчи томчи томчи томчи томчи
ёшлардир ғуборларни аритган
беғубордир
очиқдир
сўранг

>umr2

>

bir qultum suv

bir mijja qoqmoq

uyg’onmoq uzoqdan uzoq qo’shiqdan

kuydan to’lg’onishdir

umr

( keyin baxtimga san borsan deb o’ylayman

ko’z tegmasin sanga

so’z tegmasin

hech narsa tegmasin manga

hech narsa

holimdan xoli bo’lay deyman)

qultum suv

mijja

bahorning yigirma birinchi kuni

qaysi kalendarda bilmadim – samimiy

yo hijriy va yo milodiy

ketar ekansan ko’chaning changi

bosilmagan edi

hali yuvib bo’linmagan oppoq kuylaklar

simdorlarga

osilmagan edi

quyosh ham botmay turdi anchagacha

kun ham og’mas edi

yomg’ir ham etilmagan edi

bulut ham engmagan edi o’zini

ko’chaning changini qor bosdi

kuylaklar o’zini zor osdi

bulut ham ochdi ko’zini

o’tdi o’tgulik

kechdi ko’rgulik

buyog’i bahorga chiqdik yal yal tovlanib

buyog’i yoz

yozdir nurafshon

ishon

>Uchinchi nafas, uchinchi nola…

>
“ тутдай тўкилмоқда
ярим тунда саргардон тушлар
ахир
боғимдаги энг гўзал дарахт
кўнглимдаги энг инжа қушим
хаёлимнинг чиройли ранги
тилимдаги энг ширин калом
эй
сиғинmacдан қадр топган Илоҳ
тиламасдан тўкилган Меҳр

ишон
тутдай тўкилмоқда
саргардон юрак
бир манзил истаган санинг томонда
бир қўним истаган бағрингда балки

кўзимдаги энг ёруғ нурим
тунимдаги мунис кундузим
менинг
ўзим
ўзимнинг ўзи
ишонмассан
тонгдай тирилмоқда
топилганларим

ахир
ким –
кўнглимдаги энг инжа қушим
хаёлимнинг чиройли ранги
тилимдаги энг ширин калом…
ким? “

>Ikkinchi nafas, ikkinchi maktub…

>

Иккинчи нафас, иккинчи мактуб …

“Кейин нима бўлиши ҳақида ўйламайсан ҳам аввалига
чунки ҳар лаҳза ва ҳар дам шунақа лаззатли ва гўзал бўладики
шудир абадийлик дейсан
шундан ортиғи ортиқ ками кам
аммо
кам бўларкан
бир одамнинг умри етмас экан
кейин бу муҳаббатни тадқиқ эта бошлайсан
майдалаб чиқасан
бўлаклаб ташлайсан
эзғилайсан
кузнинг сўнгги тилло япроғини ердан кўтариб олиб
тўйиб тўйиб термулиб кейин
ишқилиб
парчалайсан муҳаббатни
гўё бу дунёда шундай фалсафалар борки
уларни ўргансанг
ёд олсанг
мавҳ этиш мумкин муҳаббатни
сирини ечиш мумкин
яланғочлаш мумкин уни энг гўзал…
ёд оласан ҳам
ҳатто аллақандай газета чоп этилган
аллақандай алламабало кимёвий мутаносибликлар ҳақида ҳам тахминга ишонасан
хаёлингдан барча хотираларни ўчирмоқ истайсан
барча ҳидларни ҳайдашни ҳоҳлайсан
барча суратларни йиртишни
кейин уларни ўша кузнинг сўнгги япроғи каби
япроғи кабими билмадим
ишқилиб ёқишни истайсан
ёқасан ёнасан
узоқ тўлғонар ёдингда
унинг расми
ҳар нарсани енгса бўлади бу дунёда эй Ёнмаганим
ҳар нарсани мавҳ қилиш мумкин
фақат тўлғонар бир акс – ёнмайди
бедордир бир хаёл – сурилмайди…”

>bir nafas, bir maktub ozodlik haqida…

>

Бир нафас, бир мактуб озодлик ҳақида…

С.Сдан таржима

“ сан билмайсан
бугун ман энг гўзал қушни озод қилдим
унинг юрагини обод қилдим
ўзимни барбод қилдим
сан билмайсан
ярим тунда ман бир дод қилдим
юрагимни шундай доғ қилдим
ман ахир энг гўзал қуш кўнглини бугун чоғ қилдим
уни озод қилдим
дунёсини обод қилдим
сан ҳеч нарсани билмайсан
бу қуш мани дунём эди
олдимдан оққан сув эди
фақат бу қуш қадрли эди
шунча қадрли эдики –
жондан ҳам кечардим
тонгдан ҳам кечардим
тундан ҳам
сан билмайсан
билмайсанки – ман энг содда сўзлар билан ёзмоқдаман
тушунсин бу қуш мани тилимни
тилсин
пора пора қилсин дилимни
ахир ман бу қушни бугун озод қилдим
бу гўзал қафас эди азизим
бу гўзал қафас минг йилларки бор эди
бу гўзал қафасга ман ва қуш сиғар эди
аҳ бу гўзал қафасни синдирдим ман
дунёмни синдирдим
бир қафасга сиққан эдим ман
дунёга қандоғ сиғаман
аммо тушун мани эй Ўқиётган
ман бир гўзал қушни озод қилдим
гўзал бир қафасни синдирдим
бу қуш мани озод этсин
кўнглимни обод этсин…”

>Yolg’izlik, M.Mdan

>


кўз ёшлар сирдир
сирдир кулгилар
муҳаббат ҳам бир сир…
кечаги кўз ёшларим севгимнинг кулгиси эди…
қисса эмасман ўқисанг,
нағма эмасман куйласанг,
сас эмасманки эшитсанг,

Мен на ундоқ эмасманки кўрсанг, на бундоқ эмасманки билсанг,

мен ягона дардман, мени фарёд қил!…
дарахт ўрмон билан гаплашар,
чўлда гиёҳ каҳкашон ила.
мен сен билан гаплашарман
номингни менга айт -қўлингни бер менга,
сўзингни менга айт- қалбингни бер менга,
мен сенинг илдизларингни топганман….
сенинг лабларинг ила барча лаблар билан сўйлашганман,
қўлларинг менинг қўлларим билан ошно!
ёруғлик хилватида, сен билан ,тириклар хoтирасига йиғлаганман
қоронғу гўристонда сен билан куйлаганман энг гўзал ашулаларни

чунки бу йилги ўликлар, тирикларнинг ашаддий ошиқлари эди,
қўлингни менга бер, қўлларинг менинг қўлларим билан ошно,
эй кеч топганим ,сенга гапираман!
булут тўфон билан гаплашганидек, гиёҳ саҳро билан,
ёмғир дарё билан, қушлар баҳор билан,
ва дарахт ўрмон билан гаплашганидек,
мен ҳам сенга гапираман!…
сен билан гаплашаман, чунки мен илдизларингни топганман
Зеро, менинг овозим – сенинг овозингла ошно!…

>qaerdasan o’ngimning tersi?…

> “Бир кун ўтар сен кетгандан сўнг,
Иккинчи кун имиллай бошлайди кутилмаганда
Учинчи кун ўтмас
Оёқлари йўқдир учинчи куннинг…”,

Муҳаммад Солиҳдан

Лаҳзани том босиб қолгандай
Дақиқанинг кўзи ёрийди ҳозир
Соат ҳам ҳомиладор бу дунёга
Кун ҳам тун ҳам ярадор – оғир

Қаердасан юрагимнинг юраги?

Бир қайғу учади қанотсиз, бокира
Аксинг товланади ерда, осмонда…
Найга айланади устихонларим
Минг бир тушимда ҳам …битта хотира…

Қаердасан ўзимнинг ўзи?

Кетаяпсан. Бор йўғи лаҳза…
вақт ҳам кечаётир хотир баҳридан
бир, икки, уч ва ё минг биринчи бор
бир оҳ ўрламоқда менинг қаъримдан…

Қаердасан ўнгимнинг терси?..

>izn ber…

>
изн бер
ҳолингни сўраб келдим мен
қишда қордай шаффофман
кузда япроқдай сариқ
ёзда чўлдай чўллаган
тунда шамдай нурлаган
мен бор йўғи
шу йўқ борингни
ҳолингни сўраб келдим
менга изн бер

изн бер
чунки бу йўлда
учрамади ҳеч ким – ҳолим сўраган
ҳеч ким қарамади орқа олдимга
эшкаксиз қайиқдай оқдим – тараф йўқ
мен фақат сенинг ҳолингни сўраб келдим

беҳолман
тунда бир кемада тўлғонаман ман
кунда бир денгизни кечаман – кечир
барча ҳолатларга тушганман фақат
мен сенинг ҳолингга асир одамман

изн бер
чунки бу йўлда
эшкаксиз
қайиқдай
оқдим
тараф
йўқ

>Tun tarafda

>
Тун тарафда
кундуз тарафда

бу тош йўллар бир кун тупроқ йўлларга муваққат қўшилиши ва яна қайтиши
мана шу тош йўлларда туриб тош биноларнинг бирида шундоқ дарвозада
айтай темир дарвозада
оёқлари ўнта ўргимчак бир пайтлар Пайғамбарни қутқарганмидинг
ёғийларидан
ким ёғий деган сўроқ ўрмалар
оёқлари йўқ илондай бу темир дарвозали тош бинонинг ертўласида
ўрмалар

тун тарафда
кундуз тарафда
ярқираган юлдуз тарафда

бир кун барча йўллар хотима топар хаёл хам тугайди ўшанда
хаёл хам сурилмас қимирламас тош қотар хаёлда яшайди шунда ўргимчак
хеч ким бир пайтлар сенмидинг қутқарган пайғамбарни ёғийдан деб сўрамас
бу тошдан бино бўлган бинонинг ертўласидаги илон эса айланмас саволга ёки
у барча саволларни ютар тошдай тухумдай ё ҳирсдан берироқда туғилган бир гулга
бир гулга эврилар оғриқсиз ва ёввойи шиддат ила ўсар гарчанд нурсиз бир куни
ўсар нурсиз

нурсиз тун тарафида
нурсиз кундуз тарафида
нурсиз юлдуз тарафида

>Derazadan boshimga yog’du…

>

деразадан бошимга ёғду
сочилган – бир зумда гуллаган дарахт
очилмаслиги керак бўлган кўз
ёпилмаслиги шартланган дил
битта битта битталаб тўкилган япроқ
дераза остида унутилган қайғу

дераза остида қайғу унутилган
сочилган – бир зумда гуллаган одам
қаерга кўз тикса кўргани фақат
бир жамол бир борлиқ битта меҳрибон
ахир
жон бермас япроқлар бу қадар интиқ
очилмас дераза
дарвозалар берк
сарсону саргардон биргина илинж
бу ҳам ишқ
бу ҳам ишқ – қолгани уйқу

деразадан бошимга ёғду
сочилган – бир зумда гуллаган одам