>Armon

>

аслида бир армон бор эди
кўзлари мунисим ғамгин ғамдошим
аслида бу армон манга зор эди
ишқнинг ўрдусида ёлғиз сафдошим

эҳ
аслида бу армон – кўзлари басир
ял ял товланганим ҳеч ҳам кўрмади
ёниб куйлар эдим ғазалларимни
армон кар эдими, ҳолим сўрмади…

биламан
аслида бу армон
кузу қиш эди
мен эса … гулладим, ёмон гулладим
қаердан олгандим бунча рангларни
билмадим кўрмадим аммо ишонсанг
беармон жаннатга жуда ўхшардим

аслида биргина армон бор эди
бир замон бир пайтлар бир томонларда

Leave a comment