>
Иккинчи нафас, иккинчи мактуб …
“Кейин нима бўлиши ҳақида ўйламайсан ҳам аввалига
чунки ҳар лаҳза ва ҳар дам шунақа лаззатли ва гўзал бўладики
шудир абадийлик дейсан
шундан ортиғи ортиқ ками кам
аммо
кам бўларкан
бир одамнинг умри етмас экан
кейин бу муҳаббатни тадқиқ эта бошлайсан
майдалаб чиқасан
бўлаклаб ташлайсан
эзғилайсан
кузнинг сўнгги тилло япроғини ердан кўтариб олиб
тўйиб тўйиб термулиб кейин
ишқилиб
парчалайсан муҳаббатни
гўё бу дунёда шундай фалсафалар борки
уларни ўргансанг
ёд олсанг
мавҳ этиш мумкин муҳаббатни
сирини ечиш мумкин
яланғочлаш мумкин уни энг гўзал…
ёд оласан ҳам
ҳатто аллақандай газета чоп этилган
аллақандай алламабало кимёвий мутаносибликлар ҳақида ҳам тахминга ишонасан
хаёлингдан барча хотираларни ўчирмоқ истайсан
барча ҳидларни ҳайдашни ҳоҳлайсан
барча суратларни йиртишни
кейин уларни ўша кузнинг сўнгги япроғи каби
япроғи кабими билмадим
ишқилиб ёқишни истайсан
ёқасан ёнасан
узоқ тўлғонар ёдингда
унинг расми
ҳар нарсани енгса бўлади бу дунёда эй Ёнмаганим
ҳар нарсани мавҳ қилиш мумкин
фақат тўлғонар бир акс – ёнмайди
бедордир бир хаёл – сурилмайди…”