Daily Archives: September 13, 2006

>qaerdasan o’ngimning tersi?…

> “Бир кун ўтар сен кетгандан сўнг,
Иккинчи кун имиллай бошлайди кутилмаганда
Учинчи кун ўтмас
Оёқлари йўқдир учинчи куннинг…”,

Муҳаммад Солиҳдан

Лаҳзани том босиб қолгандай
Дақиқанинг кўзи ёрийди ҳозир
Соат ҳам ҳомиладор бу дунёга
Кун ҳам тун ҳам ярадор – оғир

Қаердасан юрагимнинг юраги?

Бир қайғу учади қанотсиз, бокира
Аксинг товланади ерда, осмонда…
Найга айланади устихонларим
Минг бир тушимда ҳам …битта хотира…

Қаердасан ўзимнинг ўзи?

Кетаяпсан. Бор йўғи лаҳза…
вақт ҳам кечаётир хотир баҳридан
бир, икки, уч ва ё минг биринчи бор
бир оҳ ўрламоқда менинг қаъримдан…

Қаердасан ўнгимнинг терси?..