Daily Archives: September 11, 2006

>izn ber…

>
изн бер
ҳолингни сўраб келдим мен
қишда қордай шаффофман
кузда япроқдай сариқ
ёзда чўлдай чўллаган
тунда шамдай нурлаган
мен бор йўғи
шу йўқ борингни
ҳолингни сўраб келдим
менга изн бер

изн бер
чунки бу йўлда
учрамади ҳеч ким – ҳолим сўраган
ҳеч ким қарамади орқа олдимга
эшкаксиз қайиқдай оқдим – тараф йўқ
мен фақат сенинг ҳолингни сўраб келдим

беҳолман
тунда бир кемада тўлғонаман ман
кунда бир денгизни кечаман – кечир
барча ҳолатларга тушганман фақат
мен сенинг ҳолингга асир одамман

изн бер
чунки бу йўлда
эшкаксиз
қайиқдай
оқдим
тараф
йўқ

>Tun tarafda

>
Тун тарафда
кундуз тарафда

бу тош йўллар бир кун тупроқ йўлларга муваққат қўшилиши ва яна қайтиши
мана шу тош йўлларда туриб тош биноларнинг бирида шундоқ дарвозада
айтай темир дарвозада
оёқлари ўнта ўргимчак бир пайтлар Пайғамбарни қутқарганмидинг
ёғийларидан
ким ёғий деган сўроқ ўрмалар
оёқлари йўқ илондай бу темир дарвозали тош бинонинг ертўласида
ўрмалар

тун тарафда
кундуз тарафда
ярқираган юлдуз тарафда

бир кун барча йўллар хотима топар хаёл хам тугайди ўшанда
хаёл хам сурилмас қимирламас тош қотар хаёлда яшайди шунда ўргимчак
хеч ким бир пайтлар сенмидинг қутқарган пайғамбарни ёғийдан деб сўрамас
бу тошдан бино бўлган бинонинг ертўласидаги илон эса айланмас саволга ёки
у барча саволларни ютар тошдай тухумдай ё ҳирсдан берироқда туғилган бир гулга
бир гулга эврилар оғриқсиз ва ёввойи шиддат ила ўсар гарчанд нурсиз бир куни
ўсар нурсиз

нурсиз тун тарафида
нурсиз кундуз тарафида
нурсиз юлдуз тарафида