>Faslsizlik

>
Бояги дўстимнинг маслаҳати – “ бунақада яна ҳақиқий одамлар билан гаплашиш хусусиятини йўқотиб қўйманг” деган огоҳи ҳали ҳам ўйлантирмоқда мани…

Соат 11 07, тун.

Ростдан ҳам шунақа бўлиб қолса я, ҳар бир одам ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолса… Эҳтиёж қолмаса суҳбатдошга деган бир хавотир ҳам уйғоқ.

Зотан, биласизми, ичингизда ва ташингизда бирор бир сирингиз бўлмаслиги мумкин, ишониб бўлмайдиган даражада шаффофлик билан ҳам яшаш мумкин, аммо инглизлар айтмиш, кун охирида ва ё алал оқибат бу кимгадир керакми?

Сизнинг бу қадар очиқ ва шаффофлигингизни, бутун борлиғингиз – ғамингизу дардингиз, қувончу бахтингизни кимдир бўлишишга тайёрми?

Шунақа одам борми? Бўлганми шунақа одам бани одамизоднинг тарихида? Бўлган бўлса, нега одамлар шеър ёзишади, қўшиқ куйлашади, ижод қилишади хуллас. Кундаликлар тузишади ва энг ачинарлиси, ёш элликдан ўтгандан кейин хотиралар ёза бошлайдилар?

Гап шундаки, бунақа суҳбатдош йўқ, умуман табиатан одамзод бунақа яратилмаган, одамзод ҳар нарсани бўлишар эҳтимол, аммо ички бир кечмишларни бўлишмайди, шунинг учундир – ҳамма ўз ҳолича шафқатсиз бир шаклда ёлғиз.

Бу ердаги бир санъаткорлардан бири, агар ёлғизликни енголмасанг меҳмонга борма ва ё меҳмон чақирма, бу бемаънилик деган…Аммо ҳамма ҳам шу ёлғизликни енггиси келади ва тинимсиз меҳмонга боради ва меҳмон чақиради. Суҳбатдош қидиради.

Аслида эса ёлғизлик ҳам бир неъмат. Бетакрор бир лаззат. Айниқса дўстларинг кўп бўлса ва ёлғиз бўлсанг, шунчаки бир ёлғизликдан лаззатланадиган ва дунёвий бир маънода якка ўринли меҳмонхоналарни яхши кўрадиган, орзу қиладиган тинимсиз ва тинимсиз ёлғизлик билан саёҳат қиладиган бир ёлғиз бўлсанг…

Ҳеч ким ўзимиз каби ўзимизни ўзимиз билан бўлишолмайди.

Leave a comment