Monthly Archives: September 2006

>qaerdasan o’ngimning tersi?…

> “Бир кун ўтар сен кетгандан сўнг,
Иккинчи кун имиллай бошлайди кутилмаганда
Учинчи кун ўтмас
Оёқлари йўқдир учинчи куннинг…”,

Муҳаммад Солиҳдан

Лаҳзани том босиб қолгандай
Дақиқанинг кўзи ёрийди ҳозир
Соат ҳам ҳомиладор бу дунёга
Кун ҳам тун ҳам ярадор – оғир

Қаердасан юрагимнинг юраги?

Бир қайғу учади қанотсиз, бокира
Аксинг товланади ерда, осмонда…
Найга айланади устихонларим
Минг бир тушимда ҳам …битта хотира…

Қаердасан ўзимнинг ўзи?

Кетаяпсан. Бор йўғи лаҳза…
вақт ҳам кечаётир хотир баҳридан
бир, икки, уч ва ё минг биринчи бор
бир оҳ ўрламоқда менинг қаъримдан…

Қаердасан ўнгимнинг терси?..

>izn ber…

>
изн бер
ҳолингни сўраб келдим мен
қишда қордай шаффофман
кузда япроқдай сариқ
ёзда чўлдай чўллаган
тунда шамдай нурлаган
мен бор йўғи
шу йўқ борингни
ҳолингни сўраб келдим
менга изн бер

изн бер
чунки бу йўлда
учрамади ҳеч ким – ҳолим сўраган
ҳеч ким қарамади орқа олдимга
эшкаксиз қайиқдай оқдим – тараф йўқ
мен фақат сенинг ҳолингни сўраб келдим

беҳолман
тунда бир кемада тўлғонаман ман
кунда бир денгизни кечаман – кечир
барча ҳолатларга тушганман фақат
мен сенинг ҳолингга асир одамман

изн бер
чунки бу йўлда
эшкаксиз
қайиқдай
оқдим
тараф
йўқ

>Tun tarafda

>
Тун тарафда
кундуз тарафда

бу тош йўллар бир кун тупроқ йўлларга муваққат қўшилиши ва яна қайтиши
мана шу тош йўлларда туриб тош биноларнинг бирида шундоқ дарвозада
айтай темир дарвозада
оёқлари ўнта ўргимчак бир пайтлар Пайғамбарни қутқарганмидинг
ёғийларидан
ким ёғий деган сўроқ ўрмалар
оёқлари йўқ илондай бу темир дарвозали тош бинонинг ертўласида
ўрмалар

тун тарафда
кундуз тарафда
ярқираган юлдуз тарафда

бир кун барча йўллар хотима топар хаёл хам тугайди ўшанда
хаёл хам сурилмас қимирламас тош қотар хаёлда яшайди шунда ўргимчак
хеч ким бир пайтлар сенмидинг қутқарган пайғамбарни ёғийдан деб сўрамас
бу тошдан бино бўлган бинонинг ертўласидаги илон эса айланмас саволга ёки
у барча саволларни ютар тошдай тухумдай ё ҳирсдан берироқда туғилган бир гулга
бир гулга эврилар оғриқсиз ва ёввойи шиддат ила ўсар гарчанд нурсиз бир куни
ўсар нурсиз

нурсиз тун тарафида
нурсиз кундуз тарафида
нурсиз юлдуз тарафида

>Derazadan boshimga yog’du…

>

деразадан бошимга ёғду
сочилган – бир зумда гуллаган дарахт
очилмаслиги керак бўлган кўз
ёпилмаслиги шартланган дил
битта битта битталаб тўкилган япроқ
дераза остида унутилган қайғу

дераза остида қайғу унутилган
сочилган – бир зумда гуллаган одам
қаерга кўз тикса кўргани фақат
бир жамол бир борлиқ битта меҳрибон
ахир
жон бермас япроқлар бу қадар интиқ
очилмас дераза
дарвозалар берк
сарсону саргардон биргина илинж
бу ҳам ишқ
бу ҳам ишқ – қолгани уйқу

деразадан бошимга ёғду
сочилган – бир зумда гуллаган одам

>Faslsizlik

>
Бояги дўстимнинг маслаҳати – “ бунақада яна ҳақиқий одамлар билан гаплашиш хусусиятини йўқотиб қўйманг” деган огоҳи ҳали ҳам ўйлантирмоқда мани…

Соат 11 07, тун.

Ростдан ҳам шунақа бўлиб қолса я, ҳар бир одам ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолса… Эҳтиёж қолмаса суҳбатдошга деган бир хавотир ҳам уйғоқ.

Зотан, биласизми, ичингизда ва ташингизда бирор бир сирингиз бўлмаслиги мумкин, ишониб бўлмайдиган даражада шаффофлик билан ҳам яшаш мумкин, аммо инглизлар айтмиш, кун охирида ва ё алал оқибат бу кимгадир керакми?

Сизнинг бу қадар очиқ ва шаффофлигингизни, бутун борлиғингиз – ғамингизу дардингиз, қувончу бахтингизни кимдир бўлишишга тайёрми?

Шунақа одам борми? Бўлганми шунақа одам бани одамизоднинг тарихида? Бўлган бўлса, нега одамлар шеър ёзишади, қўшиқ куйлашади, ижод қилишади хуллас. Кундаликлар тузишади ва энг ачинарлиси, ёш элликдан ўтгандан кейин хотиралар ёза бошлайдилар?

Гап шундаки, бунақа суҳбатдош йўқ, умуман табиатан одамзод бунақа яратилмаган, одамзод ҳар нарсани бўлишар эҳтимол, аммо ички бир кечмишларни бўлишмайди, шунинг учундир – ҳамма ўз ҳолича шафқатсиз бир шаклда ёлғиз.

Бу ердаги бир санъаткорлардан бири, агар ёлғизликни енголмасанг меҳмонга борма ва ё меҳмон чақирма, бу бемаънилик деган…Аммо ҳамма ҳам шу ёлғизликни енггиси келади ва тинимсиз меҳмонга боради ва меҳмон чақиради. Суҳбатдош қидиради.

Аслида эса ёлғизлик ҳам бир неъмат. Бетакрор бир лаззат. Айниқса дўстларинг кўп бўлса ва ёлғиз бўлсанг, шунчаки бир ёлғизликдан лаззатланадиган ва дунёвий бир маънода якка ўринли меҳмонхоналарни яхши кўрадиган, орзу қиладиган тинимсиз ва тинимсиз ёлғизлик билан саёҳат қиладиган бир ёлғиз бўлсанг…

Ҳеч ким ўзимиз каби ўзимизни ўзимиз билан бўлишолмайди.

>Yaproq, япроқ…

>











(Кевин Тхом расми)
япроқ
ёлгиз ётар саргайган чиркин
кандок огрик десам тушунасан сан
кандок армон десам уртанасан сан
кандок умр десам куз ёш тукасан

яралари котган номдор дарахтларнинг пойида биттагина япрокни сунгги бор учирмок ниятида энг якка шамол эсаверар япрок
кимдир борлигига ишонганиданми
кимдир борлигига ишонганиданми
кимдир борлигига ишонганиданми

энг якка шамолу
энг ёлгиз япрок
эсаверар шамол
эсаверар
саргайган япрокнинг устидан
саргайган япрокнинг остидан
кимдир борлигига ишонармикан
япрок

>Багир, багир бепоён багир…

>

Багир, багир бепоён багир…
Шоир

СОГИНЧ

Багир багир бепоён багир
Юрибмиз тонг оттиролмай уч кундан бери
Уч кундан бери тонг
ёдимиздан кутарилган ва уч кундан бери
Тун кидириб юрибмиз бу хиссиз Ёругдан

Тун кидириб юраверибмиз
Хазонлардан чакириб келмиш улар узини
Кейин худди чиройли итнинг болалари каби багримизга кириб олибмиш
Биз бу кучукваччаларни севар эканмиз
табиий
хеч ким сурамаскан холимизни
ярим кечада
Чунки ит х(h)оли бўлмаскан кун зулматида
тун чоги

Охир унутилибди нима кидираётганимиз ярим кечада
Манзара хам эслатмас экан бизга хеч Нени
Ва недир уйгонмас экан бу багримизда ва ё уйготиб бўлмас экан
Чиройли чиройли кучукваччаларни
Мунчок кўзли кучукчаларни ярим кунда ва
ёрим тунда
Турткилай бошлашар экан бир бирини улар
Учишаркан бу бепоён багирда
канотларида ташишармиш бу дунёнинг барча хакикатларини
Бепоён багирда
куёш хам ой хам юлдузлар хам ажиб уйгунликда
Ярим тонг

Ярим тонгда улар бир бирларини танишмас
Уйгунлик шу кадар шафкатсиз ойни куёш танимас ва юлдузлар
Танимаслар хеч кимни
Кучукчалар эса
Кани кучукчалар
Ким кимни чакириб келди каерга

Нега мани бедор кўрмокчисиз
Бу багирдан айирманг мани
Хайдамангиз мани бу ердан
Уйготмангиз мани бу вактдан
Ахир айтдим ку –

Ярим тонгда улар бир бирларини танишмас
Уйгунлик шу кадар шафкатсиз – ойни куёш танимас ва юлдузлар
Танимаслар ўзларини х(h)ам
Кучукчалар эса …чиройли…
Кани кучукчалар ?